ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражада ўзгаришсиз қолдирди.
Марказий банк томонидан қабул қилинган қарорга кўра, асосий ставкани 14 фоиз даражада ўзгаришсиз қолдириш иқтисодиётда нархлар ўсишининг янада секинлашишига ёрдам берувчи пул-кредит шароитларини таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, март ойидаги асосий ставка пасайтирилишининг ялпи талаб ва таклифнинг мувозанатлашувига ижобий таъсирларини давом эттиришга йўналтирилган.
Қайд этилишича, йиллик инфляция (товарлар ва хизматлар нархининг ошиши) даражаси март ва апрель ойларида ҳам пасайишда давом этди ҳамда мос равишда 11,7 ва 11,0 фоизга тенг бўлди.
Келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайиш тенденциясига қайтди. Натижада мос равишда 14,4 ва 14,1 фоиз даражасида шаклланди.
Бунда, аҳолининг инфляцион кутилмалари бўйича жавоблар медианаси – 11,5 фоизгача ва тадбиркорлик субъектлариники – 11,4 фоизгача пасайди.
Шунингдек, ўтган йилдаги юқори даражадаги трансчегаравий пул ўтказмалари, бу йил давлат бюджети харажатларининг ошиши, шу жумладан, иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши истеъмол талаби ўсишини қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлмоқда.
Бу, ўз навбатида, келгуси чоракларда иқтисодий фаолликнинг юқори бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
"Пул бозорида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланиб қолинмоқда. Январь-апрель ойларида UZONIA индекси тўлиқ фоиз коридори доирасида, асосий ставка пасайтирилишидан сўнг эса 13 фоиз атрофида шаклланди", - дейилади хабарда.
Тижорат банклари
Тижорат банклари депозит базасининг ўсиш суръатларида жадаллашиш кузатилмоқда. Апрель ойи якунлари бўйича миллий валютадаги муддатли депозитлар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ошди.
Иқтисодиётни кредитлаш суръатларининг ўсиши, асосан миллий валютада ажратилган кредитлар ҳисобига, тезлашди.
Тижорат банклари томонидан январь-апрель ойларида ажратилган кредитлар ҳажми 1,3 баробарга ўсди. Бунга аҳолига берилган автокредитлар, микроқарзлар ва истеъмол кредитларининг юқори суръатларда ошганлиги асосий омил бўлди.
Ушбу тенденциялар иқтисодиётда долларлашув даражасининг пасайишида акс этди. Депозитлар бўйича долларлашув даражаси – 30,6 фоизгача, кредитлар бўйича эса – 44,3 фоизгача пасайди.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши дастлабки прогнозлардан кўра юқорироқ бўлиши бўйича эҳтимоллар ортмоқда.
Йил якуни бўйича инфляция даражасининг прогноз диапазони 8,5-9,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 15 июнга белгиланган.