Ўзбекистонлик ёшлар Россиянинг “КамАЗ” компаниясига ишга юборилади — тафсилотлар

Ўзбекистонда ёшлар бўёқчи, чилангар, пайвандчи, ҳайдовчи ва ҳайдовчи-электрик каби касбларга ўқитилиб, “КамАЗ” компаниясига ишга жойлаштирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Россиянинг “КамАЗ” компанияси ўзбекистонлик ёшларни иш билан таъминлаш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда вазирликда компания вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов “КамАЗ” компанияси Инсон ресурсларини ривожлантириш департаменти директори Лениза Хикматуллина билан учрашди.
Учрашувда компанияда бўёқчи, чилангар, пайвандчи, ҳайдовчи ва ҳайдовчи-электрик каби касб эгаларига бўлган талаб катталиги таъкидланди.

“Россиялик вакиллар ушбу йўналишларда ўзбекистонлик ёшларни иш билан таъминлаш учун вазирлик билан ҳамкорликда иш олиб боришни маълум қилишди. Биз буни мамнуният ила қабул қилдик”, - деди вазирлик матбуот котиби Назокат Абдуқундузова Sputnik мухбирига.

Иброҳим Абдураҳмонов ўзбекистонлик ёшларни талаб этилаётган касбларга ўргатиш, уларнинг тил малакасини ошириш ҳамда “КамАЗ” компанияси ишлаб чиқариш комлексларида кафолатланган иш билан таъминлаш борасида бир қатор таклифларни илгари сурди.

“Икки томонлама муҳокамада компания томонидан Ўзбекистондаги мутахассисликка мос коллеж ва техникумлар танлаб олиниб, уларда “КамАЗ” бренди остида тўлиқ таълим ҳамда касбий тайёрлаш дастурларини йўлга қўйиш таклифлари илгари сурилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги профессионал таълим муассасалари базасида махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш, уни муваффақиятли якунлаб, сараланган битирувчиларни ишга жойлаштириш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди”, - дея қўшимча қилди Абдуқундузова.

Маълумот учун, ҳозирда “КамАЗ” компаниясининг Татаристон Республикасидаги ишлаб чиқариш комплексларида йилига 900 нафар номзодларни касбга ўргатиш йўлга қўйилган, ишлаб чиқаришда 1800 нафар ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.