ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Ўзбекистон Миллий гвардиясига бир қатор ваколатлар берилмоқда. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалар қўмитаси мажлисида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғриси”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, Миллий гвардияга маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир айрим ваколатларни бериш зарурияти юзага келмоқда.
Миллий гвардия органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишлар натижасида ноқонуний сақланган 44 та пневматик ва ов қуроли, 3 202 дона ўқ-дори олиб қўйилган.
Фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган 1000 дан ортиқ кастет, бита, пичоқ ва бошқа ўткир тиғли буюмларни олиб юрган 960 нафар фуқаро аниқланиб, тегишли чора кўриш учун ички ишлар органлари ходимларига топширилган.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимларига юқорида кўрсатиб ўтилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш (баённома тузиш) ваколати берилмаганлиги сабабли юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларга ҳал этиш учун юборилган. Бу ўз навбатида ортиқча ҳужжат айланиши ва, энг асосийси, фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келган.
Шу муносабат билан президентнинг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–27-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
“Мазкур Қонун билан Миллий гвардия органларининг ходимларига майда безорилик, қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юришга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш юзасидан қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилмоқда”, - дейилган хабарда.
Қолаверса, бу каби ваколатлар вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, тиланчилик қилиш ҳамда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш ҳолатларида ҳам амалга оширилади.
Бунда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органларида ҳам сақланиб, ҳуқуқбузарлик Миллий гвардия ходимлари томонидан аниқланган тақдирда уларга жарима жазосини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш ва асоссиз жавобгарликка тортиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Миллий гвардия органлари номидан қонунда кўрсатилган бошқарма (бўлим) бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни қўриб чиқишга ва жарима жазосини қўллашга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.