ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари – Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин Россия Маориф Вазирлиги Академияси ректори Павел Кузьмин билан учрашди. Бу ҳақда Мактабгача таълим агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Кузьмин мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. У Ўзбекистон раҳбариятининг мактабгача ва мактаб таълими соҳасини такомиллаштириш масалаларига эътиборини юқори даражада баҳолади.
Россия делегацияси раҳбари Россия Маориф Вазирлиги Академиясининг Россия Федерацияси педагог кадрларининг малакасини ошириш бўйича фаолияти ҳақида қисқача маълумот берди.
Россия томони Россия пойтахтининг мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларини амалга оширишда Москва шаҳри тажрибасига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Ўзбекистон томони Россиянинг “Рақамли таълим муҳити” федерал лойиҳаси, “Мен ягона давлат имтиҳонидан ўтаман” лойиҳаси, қўшимча профессионал таълим рақамли тармоғи ва таълимий контентдаги рақамли кутубхона билан танишди.
Учрашув якунида томонлар Мактабгача таълим тизимини ривожлантиришдаги Россия тажрибасини ўрганиш, шунингдек, Россия таълим лойиҳалари билан яқиндан танишиш мақсадида Мактабгача таълим агентлиги делегациясини Москва шаҳрига юбориш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олди.