ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Украина Қуролли кучлари томонида жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ америкалик денгиз пиёдаси Купер Эндрюс Артёмовск яқинида ҳалок бўлди. Бу ҳақда CNN унинг оиласига таяниб хабар берган.
Ёлланма жангчининг онасининг маълум қилишича, унинг 26 ёшли ўғли ноябрь ойида ўзи туғилиб ўсган Огайо штатидан Украинага жўнаб кетган. Эндрюс, тахминан, 19 апрелда ҳалок бўлган, унинг хорижий легион билан шартномаси эса март ойида тугаган.
АҚШ Давлат департаменти РИА Новостига америкалик фуқаронинг ўлими ҳақида тасдиқлаган ва у ҳақидаги аниқ маълумотларни ошкор қилишдан бош тортган.
“Америка фуқаросининг Украинада вафот этганини тасдиқлашимиз мумкин. Биз марҳумнинг оиласи билан алоқадамиз ва ҳар томонлама консуллик ёрдамини кўрсатмоқдамиз. Ушбу оғир дамда оиланинг ҳис-туйғуларини ҳурмат қилган ҳолда биз қўшимча маълумотларни тақдим этишга тайёр эмасмиз”, - деди АҚШ Давлат департаменти расмий вакили.
Ўтган йилнинг апрель ойида Россия Мудофаа вазирлиги Киев томонидаги жанговар ҳаракатларда хорижий ёлланма аскарларнинг иштироки ҳақида хабар берган эди. Маълумотларга кўра, Украина ҳудудий мудофаа қўшинлари Франция легиони жангчиларидан иборат. Ўтган йилнинг ноябрь ойида россиялик терговчилар Киев томонида жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланма аскарларни танлашда Украинанинг хориждаги элчихоналари ходимлари ёрдам беришини аниқлади.
Шунингдек, ўтган йили Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Украинага 60 дан ортиқ давлатдан 8 мингдан ортиқ ёлланма аскар келганини айтган эди.
Артёмовск ДХРнинг Киев назорати остидаги қисмида, Горловка шаҳридан шимолда жойлашган. Бу Донбассдаги Украина қўшинлари гуруҳини таъминлаш учун муҳим транспорт марказидир. Шаҳар атрофида шиддатли жанглар давом этмоқда.