Оксана Чусовитина яна тенгсиз деб топилди

Оксана Чусовитина таяниб сакраш дастурида энг яхши спортчи деб тан олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Мисрда ўтказилган Жаҳон кубогида яна тенгсиз деб топилди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Мисрнинг Қоҳира шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогининг 4-босқич беллашувлари ниҳоясига етди.
Ушбу босқич баҳсларидан сўнг йўналишлар бўйича мавсумнинг энг яхшилари эълон қилинди. Унда Оксана Чусовитина таяниб сакраш дастурида энг яхши спортчи деб тан олинди.
Чусовитина бундан аввал Котбус ва Доҳа босқичларида бронза, Бокуда эса кумуш медални қўлга киритган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оксана Чусовитина ва Дилдора Арипова Қоҳирада ўтаётган Жаҳон кубоги финалига йўл олгани маълум қилинган эди. Мусобақанинг биринчи кун баҳслари якунига кўра, Оксана Чусовитина таяниб сакраш, Дилдора Арипова эса турли баландликдаги брусларда машқ дастурида финал йўлланмасини қўлга киритган.