ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида 6–8 май кунлари III халқаро бахшичилик фестивали ўтказилади. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Фестивалда иштирок этиш истагини билдирган 40 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан бахшичилик санъатига доир 30 нафардан зиёд мусиқа ижрочилари, 80 нафар таниқли маданият ва санъат вакиллари ҳамда фахрий меҳмонлар, шунингдек, 50 нафарга яқин оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюриши кутилмоқда.
6 май куни бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг Шарқ маданияти ва санъатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш ва бошқа масалаларга оид “Замонавий бахшичилик санъати: олтин мероснинг янги оҳанглари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Дастурда хорижий ва Ўзбекистон бахшичилик санъати усталарининг яккахон концертлари, айтишувлар ва достончилик кечалари, бахши-шоир, оқин ва жировлар ҳамда фольклор жамоаларининг халқаро кўрик-танлови ўрин олган.
Шунингдек, сайиллар, Ўзбекистоннинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастурлар намойиши, бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши ўтказилади.
Фестиваль кўрик-танловнинг ғолиблари ва совриндорлари иштирокида тантанали тақдирлаш маросими ва гала-концерт билан якунланади.
Маълумот учун, 2022 йил ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган бахшичилик санъати ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатидан ўрин олган.