ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. 30 апрель куни ўтказилган референдумда 8-Сирдарё вилояти округидаги 226-сон, 10-Тошкент вилояти округидаги 651-сон ва 14-Тошкент шаҳар округи 772-сон референдум участкаларида қоидабузарликлар аниқланди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.
Жумладан, комиссия аъзосининг бир нечта бюллетенни ўзи тўлдираётганлиги ҳамда улар томонидан бюллетенларни овоз бериш қутисига ташлаш, овоз берганлар сонини нотўғри кўрсатилганлик каби ҳатти-ҳаракатлар мазкур участкалардаги овоз бериш натижаларини шубҳа остига қўяди.
Шу сабабли, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 38-моддасига биноан, овоз бериш чоғида йўл қўйилиб, оқибат натижада овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарлик туфайли овоз бериш якунлари Марказий сайлов комиссияси томонидан ушбу участкалар бўйича ҳақиқий эмас деб топилди.
30 апрель куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда овоз бериш жараёнлари ўтказилди.
Республика бўйича ташкил этилган жами 10758 та референдум участкаси соат 08:00 да очилди. Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкаси ўз фаолиятини олиб борди.
Референдумда 20 миллиондан ошиқ фуқаро иштирок этиш ҳуқуқига эга эди.
Референдум жараёнларида 964 нафар ОАВ вакили иштирок этди. Уларнинг 772 нафари маҳаллий, 192 нафари чет эллик вакиллар.
Референдум участкалари ўз фаолиятини 20:00 га қадар давом эттирди.
Референдумга “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?”, деган масала олиб чиқилди. Овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари "ҳа" ёки "йўқ" деб кўрсатилди.