Референдум — 2023

Референдум пайтида қонунбузарликлар бўйича шикоятлар келиб тушмади – Олий суд

Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан судга мурожаат қилинмаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Маъмурий судларга референдум ўтказувчи комиссияларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан, жумладан овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида шикоятлар келиб тушмади. Бу ҳақда Олий суд раисининг ўринбосари Халилилло Тўрахўжаев маълум қилди.
Референдум жараёнлари Конституция, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида ташкиллаштирилиб, ўтказилди.
Референдумга тайёргарлик кўриш жараёнлари бошланганидан бугунги кунга қадар референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, жумладан референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари судларга келиб тушмаган.
Айни пайтга қадар референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, референдумга тайёргарлик кўриш ва референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган.
Референдум ташкил қилиш, уни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмаган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан судга мурожаат қилишмаган.
Референдум билан боғлиқ судларга шикоят билан мурожаат этилмаганлиги:
биринчидан, аҳолининг ҳуқуқий онги ошганлиги, ушбу сиёсий жараён ҳеч кимни бефарқ қолдирмаганлиги, референдум очиқ, шаффоф ва ошкора ўтганлиги ;
иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум жараёни қонунчиликка мувофиқ ташкил этилиб, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолияти тўғри йўлга қўйилганлиги;
учинчидан, ҳар қандай масалада фуқаролар, шунингдек, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан тегишли мулоқот ўрнатилиб, уларга ўз вақтида керакли тушунтириш ва маълумотлар берилганлиги учун оддий қилиб айтганда, судларга шикоят билан мурожаат қилишга ўрин ва зарурият қолмаганлиги сабаб бўлган.