Референдум — 2023

Референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди

Референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси лойиҳасини референдумда овоз берганларнинг 90,21 фоизи қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев маълум қилди. Овоз берувчиларнинг 9,35 фоизи қарши овоз берган.
“Референдумнинг дастлабки хулосаларига кўра, унда овоз берувчиларнинг иштироки 84,54 фоизни ташкил этди, 16 миллион 673 минг 189 киши овоз берди”, — деди Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев.
“Шу муносабат билан ушбу дастлабки маълумотларга таяниб “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни Ўзбекистон халқи томонидан референдумда қабул қилинган дейишга барча асосларимиз бор”, - деди Зайниддин Низамходжаев.
30 апрель куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда овоз бериш жараёнлари ўтказилди.
Республика бўйича ташкил этилган жами 10758 та референдум участкаси соат 08:00 да очилди. Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкаси ўз фаолиятини олиб борди.
Референдумда 20 миллиондан ошиқ фуқаро иштирок этиш ҳуқуқига эга эди.
Референдум жараёнларида 964 нафар ОАВ вакили иштирок этди. Уларнинг 772 нафари маҳаллий, 192 нафари чет эллик вакиллар.
Референдум участкалари ўз фаолиятини 20:00 га қадар давом эттирди.
Референдумга “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?”, деган масала олиб чиқилди. Овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари "ҳа" ёки "йўқ" деб кўрсатилди.