ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Бугун соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйича 81,39 фоиз овоз берувчи референдумда иштирок этди. Бу ҳақда МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров маълум қилди.
"Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи участка ва округ комиссияларидан олинган маълумотларга эътибор қаратсак соат 17:00 ҳолатига овоз берувчи фуқароларнинг 15 млн 802 минг 095 нафари ёки 81,39 фоизи овоз берди", дейди Қўчқоров.
Шундай қилиб, энг кўп Фарғона 2 209 804 нафар, Самарқанд 2 081 436 нафар, Тошкент вилояти 1 790 758 нафар, Тошкент шаҳри 1 780 901 нафар, Андижонда 1 702 902 нафар фуқаро овоз берган.
Эслатиб ўтамиз, референдумда овоз берувчилар рўйхатига 19 млн 722 минг 809 нафар фуқаро киритилган.
Бугун Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда овоз бериш жараёнлари ўтказилмоқда. Республика бўйича ташкил этилган жами 10758 та референдум участкаси соат 08:00 да очилди. Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкаси ўз фаолиятини олиб боради.