Референдум — 2023

Референдумда маҳкумлар ҳам овоз бермоқда — ИИВ

ИИВ: бугун қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 9 679 нафар шахслар овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Референдумда маҳкумлар ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Референдумда қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам иштирок этмоқда.
Референдум қонунчилигига кўра, референдумга 60 кун қолганда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги маҳкумларнинг овоз бериши учун жами 18 та референдум участкалари ташкил этилди.
Хусусан, бугун қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 9 679 нафар шахслар овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга.
Қайд этилишича, референдум участкаси бинолари атрофига қўшимча 430 та видеокузатув мосламалари ўрнатилди, 648 та бино ёнғинни ўчириш бирламчи воситалари билан таъминланди.
Шунингдек, 600 та бинога ёритиш мосламалари ўрнатилди, 418 та бинолар атрофида автотураргоҳлар ташкил қилинди.
"Агар жамоатчилик томонидан референдумни ўтказиш қоидаларига зид бўлган ҳаракатлар кузатилса, республиканинг қайси ҳудудида бўлмасин ички ишлар органларининг “102” қисқа рақамли телефони орқали хабар бериш керак", дейди Абдуллаев.