ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Овоз беришнинг яширинлигини бузиш, референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш каби жиддий қонун бузилиши ҳолатлари жиноий жавобгарликка асос бўлади. Бу ҳақда бош прокурор ўринбосари Шохруҳ Аминов таъкидлади.
Шунингдек, референдум қонунчилигини бузиш, яъни:
референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг қарорларини бажармаслик;
референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш;
референдумни молиялаштириш тартибини бузиш;
референдум натижаларини эълон қилиш тартибини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
“Фурсатдан фойдаланиб, кимнинг овоз бериш ҳуқуқи бузилса ёхуд фуқароларимиз референдум қонунчилигини бузиш ҳолатларига гувоҳ бўлса, зудлик билан ҳудудий прокуратура органларига ёки Бош прокуратуранинг 10-07 ишонч телефонига мурожаат қилишларини сўраймиз”, - деди Аминов.
Таъкидланишича, фуқароларнинг прокуратурага бемалол мурожаат қилишлари учун барча имконият ва шароитлар яратилган.
Асосийси, мурожаат қонун доирасида албатта кўриб чиқилади.
Прокуратура органлари референдум жараёнида қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда ва бунинг учун барча саъй-ҳаракатларни рўёбга чиқармоқда.
Бугун Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда овоз бериш жараёнлари ўтказилмоқда. Республика бўйича ташкил этилган жами 10758 та референдум участкаси соат 08:00 да очилди. Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкаси ўз фаолиятини олиб боради.