ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Бугун Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида маҳаллий вақт билан соат 08:00 да (Тошкент вақти билан 07:30) Ўзбекистон мадҳияси янгради. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, Ҳиндистонда вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари референдумда қатнашиш конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиш мақсадида дипломатик ваколатхонада ташкил этилган 51-референдум участкасига кела бошлади.
“Элчихона ходимлари ва Ҳиндистонда вақтинча бўлиб турган юртдошларимиз вакилларидан иборат референдум ўтказиш бўйича участка комиссияси бугунги муҳим тадбирга пухта тайёргарлик кўрди”, – дейди Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов.
Дипломатик миссияда 51-референдум участкасида овоз бериш жараёни давом этмоқда.
Бугун Ўзбекистон Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда овоз бериш жараёнлари ўтказилмоқда. Республика бўйича ташкил этилган жами 10758 та референдум участкаси соат 08:00 да очилди.