Бокс бўйича жаҳон чемпионати — 2023

Бокс бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросими — видео

Очилиш маросимида бош вазир Абдулла Арипов, Халқаро бокс ассоциацияси президенти Умар Кремлёв, спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов ва бошқалар иштирок этишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 апр - Sputnik. Бугун Тошкентдаги "Humo Arena" спорт мажмуасида бокс бўйича эркаклар орасида жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда бош вазир Абдулла Арипов, Халқаро бокс ассоциацияси президенти Умар Кремлёв, спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов ва бошқалар нутқ сўзлашди.

"Бугун миллионлаб мухлислар эътиборини Ўзбекистон ва унда бўлиб ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатига қаратмоқда десам, муболаға бўлмайди. Барча иштирокчиларга омад ва ғалабалар тилайман", - деди Абдулла Арипов ўз нутқида.

“Жаҳон чемпионати бу бутун дунё интиқлик билан кутаётган спорт тадбиридир. Бу чемпионат ташкилотчилик ва тайёргарлик даражасига кўра барчадан ўзиб кетди! Бекорга “Серқуёш Ўзбекистон” дейишмайди, ахир!
Мен бугун чин юракдан ва қалбимни қамраб олган қувончдан, сизларга юртингиз нақадар гўзал эканини аймоқчиман! Жаҳон чемпионатини очиқ деб эълон қиламан ва мухлисларга чиройли томоша тилайман!” — деди Кремлёв.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 1-14 май кунлари бўлиб ўтадиган ЖЧда 104 давлатдан 640 нафардан ортиқ спортчилар, жумладан, 7 нафар жаҳон чемпионлари иштирок этади. Чемпионатнинг мукофот жамғармаси рекорд даражадаги 5,2 миллион долларга етди. Бу олдинги чемпионатларга қараганда 2 баравар кўп. Олтин медаллар эгалари 200 минг доллар, кумуш - 100 минг, бронза - 50 минг доллардан олади.