ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Сьерра-Леоне Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Бу бўйича Нью-Йоркда Қўшма коммунике имзолаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берди “Дунё” АА.
Ўзбекистон билан Сьерра-Леоне Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммунике имзоланди.
Сьерра-Леоне Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 143-давлатга айланди.
Икки давлат ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ва Сьерра-Леоне Республикасининг БМТдаги доимий вакили Алхаджи Фанд Турай имзолади.
Ушбу давлат Ғарбий Африкада Атлантика океани соҳилида жойлашган, Британия Ҳамдўстлиги, ИҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа халқаро ташкилотларга аъзоси.
Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
“Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Ғарбий Африка давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди”, дейилади хабарда.