Референдум — 2023

МДҲ кузатувчилари миссияси референдум бўйича хулосаларини 1 майда эълон қилади — Лебедев

Ҳамдўстликдан келган кузатувчилар Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ишлайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кузатувчилар миссияси хулосалари референдумнинг эртасига, 1 май куни эълон қилинади. Бу ҳақда миссия раҳбари Сергей Лебедев МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев билан учрашув чоғида маълум қилди.
МДҲ кузатувчилари миссиясининг бош қароргоҳига кўра, учрашувда Сергей Лебедев Миссия иши ҳақида маълумот бериб, муддатидан олдин овоз бериш мониторинги талабларга мувофиқ ўтганлигини қайд этди.
Референдум куни қисқа муддатли кузатувчиларнинг асосий гуруҳи ўз вазифаларини бажаришга киришади.
“Ҳамдўстликдан келган кузатувчилар Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ишлайди, деб тахмин қиламиз. Ўзим ҳам овоз бериш куни Тошкент шаҳрида референдум ўтказиш бўйича участка комиссиялари фаолияти билан танишишни режалаштирганман”, - деди Лебедев.
Сергей Лебедев Миссия ўз фаолиятини Ўзбекистон қонунчилигига, Ҳамдўстлик доирасида қабул қилинган ҳужжатларга амал қилган ҳолда, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга аралашмасдан, давлат суверенитетини ҳурмат қилган ҳолда эркин ва мустақил равишда амалга оширишини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз. Миссия ва унинг Бош қароргоҳи 12 апрелдан референдум ўтказиш бўйича кампанияни кузатишни бошлаган. Унинг таркибига Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Беларусь ва Россия Иттифоқи Парламент Ассамблеяси, МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси ва Мустақил Ҳамдўстлик Ижроия қўмитасидан вакиллик қилувчи 95 нафар аккредитациядан ўтган кузатувчилар киради.