Тошкентда энг яхши ҳамширалар аниқланди

Пойтахтда “Йилнинг энг яхши ҳамшираси” анъанавий республика кўрик-танлови ўтказилди. Унда Олмазор туман марказий кўп тармоқли поликлиникасининг пульмонолог ҳамшираси танлов ғолибига айланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Тошкентда йилнинг энг яхши ҳамшираси аниқланди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Пойтахтда “Йилнинг энг яхши ҳамшираси” анъанавий республика кўрик-танлови ўтказилди. Ибн Сино номли 1-сон шаҳар клиник шифохонасида мазкур танловнинг Тошкент шаҳри босқичи бўлиб ўтди.
Пойтахт туманлари миқёсида ўтказилган беллашувларда ҳамшираларнинг амалий кўникма ва малакалари, назарий билимлари ҳамда ижтимоий-сиёсий саводхонлиги синовдан ўтказилди.
Якунда Олмазор туман марказий кўп тармоқли поликлиникасининг пульмонолог ҳамшираси Муштарийбону Карабаева танлов ғолибига айланди.
У беллашувнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Кўрик-танловининг ушбу босқичида фахрли учта ўринни қўлга киритган ходимлар меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш, олти ва етти баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.