ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Афғонистон ҳудудида ўрнашиб олган радикал экстремистик гуруҳлар қўшни республикаларда хатти-ҳаракатларини фаоллаштиришди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилди.
“Марказий Осиё минтақасидаги вазият янада кескинлашишига дастлабки шарт-шароитлар бор. Боз устига асосий таҳдид қўшни республикаларда ўз ғояларини илгари суриш бўйича хатти-ҳаракатларни фаоллаштирган Афғонистон ҳудудида мустаҳкамланиб олган кўплаб радикал экстремистик гуруҳлардан келмоқда”, - деди Шойгу Нью-Деҳлидаги ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилишида. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Унинг сўзларига кўра, ИШИД*, “Ал-Қоида”*, “Ўзбекистон ислом ҳаракати”* ва “Шарқий Туркистон ислом ҳаракати”* каби турли халқаро террорчи ташкилотлари гуруҳларининг кириш эҳтимоли ортмоқда.
“Бу биздан терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича аниқ мувофиқлик ва саъй-ҳаракатларни кучайтириш, минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш учун чора тадбир ишлаб чиқишни талаб этади”, - деди Россия мудофаа вазири.
Шойгу Афғонистонга комплекс халқаро ва минтақавий ёрдам кўмагисиз бу чақириқларга қарши бир ўзи курашиши мушкил бўлишини қайд этди.
* Россия, Ўзбекистон ва қатор давлатларда тақиқланган террорчи ташкилотлар