ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Ўзбекистон Қозоғистон билан атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир келишувга эришди, дея хабар берди Табиат ресурслари вазирлиги.
Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ва Қозоғистон экология ва табиат ресурслари вазири Зулфия Сулейменова ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Достигнуто соглашение с Казахстаном об охране окружающей среды
© Министерство природных ресурсов Республики Узбекистан
Қайд этилишича, икки давлат ҳукуматлари ўртасида 2022 йил декабрида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган битим имзоланган. Музокаралар давомида ана шу битим доирасида турли йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш борасида келишувларга эришилди.
"Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва тизимли давом эттириш лозим", - деди Абдуҳакимов.
Томонлар экологик мониторинг, биохилма-хиллик ва табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда илмий-техник соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Учрашув якунида Қозоғистон Ўзбекистоннинг чўлланиш бўйича глобал тадбир (UNCCD CRIC-21), шу йилнинг кузида Самарқандда бўладиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир Конвенциясининг 14-Томонлар конференцияси (CMS COP-14) ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясига таклиф қилинди.