Наманганда йирик мевачилик кластери ташкил этилади

Мазкур лойиҳа Россия билан ҳамкорликда бўлиб, тўғридан тўғри 20,9 млн доллар миқдорда инвестиция киритилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Наманган вилоятининг Чортоқ тумани Оқ ариқ маҳалласида йирик мевачилик кластери қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Фарҳод Мамадалиев Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, йирик мевачилик кластери тумандаги асосий инфратузилмалардан бўлиши кутилмоқда.

“Ушбу лойиҳа мевачилик иқтисодиётига катта таъсир ўтказади. Дастлаб 50 гектар майдонга жаҳон бозорида харидоргир ноёб карам маҳсулотлари экилади ва экспорти йўлга қўйилади”, - деди Фарҳод Мамадалиев.

Мазкур лойиҳа Россия билан ҳамкорликда бўлиб, тўғридан тўғри 20,9 млн доллар миқдорда инвестиция киритилади.

“Лойиҳа доирасида интенсив боғ барпо қилинади. Унда маҳаллий ва жаҳон бозорида талаб катта бўлган мевали дарахтларни етиштириш орқали юқори кўрсаткичли ҳосил олиш режалаштирилмоқда. Кластерни ишга тушириш ва самарали фойдаланишда малакали мутахассислар жалб қилинмоқда”, - дея қўшимча қилди Мамадалиев.

Чортоқ тумани ҳудудида 679,2 гектар адир майдонида мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади ва экспортга йўналтирилади.
Лойиҳани тўлиқ ишга туширилиши натижасида 180 та янги иш ўрни яратилади.
Маълумот учун, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон, Чуст, Поп ва Чортоқ туманларида мева-сабзавотчилик ривожланмоқда.