"Баҳор" ансамбли Нижний Новгородда концерт беради

Ансамбл репертуарида 200 дан ортиқ хореографик саҳна кўринишлари мавжуд.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида 1 май куни Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамблининг катта концерт дастури тақдим этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.
Концерт А.С.Пушкин номидаги Нижний Новгород давлат академик опера ва балет театри саҳнасида бўлиб ўтади.
Сайёр гуруҳ ижод репертуарида 200 дан ортиқ хореографик саҳна кўринишлари мавжуд. Ансамблда 20 дан ортиқ раққосалар фаолият юритади.
Концертда ўзбек рақслари миллий чолғу асбоблари жўрлигида намойиш этилади. Улар орасида тановар, лазги, андижон полкаси, бухорча каби миллий рақслар ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Санкт-Петербург шаҳрида “Баҳор” ансамблининг катта концерти тақдим қилинганди.