Ўзбекистондан Туркияга учаётган самолётда чақалоқ дунёга келди

Она ва янги туғилган чақалоқ клиникага ётқизилган, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Кеча, 26 апрель куни, “Uzbekistan Airways” бортида чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
“Кеча Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича HY273 рейси чақалоқ дунёга келиши билан якунланди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, туғруқ Истанбулга яқинлашганда бошланган. Аёл борткузатувчиларга оғриқ бошланганлигини билдирган. Бригадир бортдаги йўловчиларга мурожаат қилиб, улар орасида шифокорлар бўлса ёрдам беришларини сўраган.
Бироз вақт ўтгач, йўловчи ўғил фарзандни дунёга келтирган. Самолёт қўнгач, Истанбул халқаро аэропортининг тиббиёт ходимлари бортга чиққан. Она ва янги туғилган чақалоқ клиникага ётқизилган, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланган.