Россия университетининг Олмалиқдаги филиалида ёш олимлар анжумани бўлиб ўтди

Энг қизиқарли маърузалар муаллифи бўлган 27 нафар талаба 1, 2, 3 даражали диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Россия Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСИС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиалида III Ёшлар илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Конференция икки босқичда ўтказилди, биринчи босқичда талабалар турли йўналишлар бўйича секциялар сессияларида тақдимотлар қилди, университет мутахассислари бўлажак олимларнинг ишларини баҳолади.
Иккинчи босқичда талабалар интерфаол технологиялардан фойдаланган ҳолда ўзларининг илмий маърузаларини тақдим этди.
Секция мажлислари қуйидаги тўртта йўналишда бўлиб ўтди:
тоғ-кон саноатида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва тоғ-кон ускуналарини ривожлантириш истиқболлари;
замонавий металлургиянинг ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари. Келажак материалларини олиш технологияси;
барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ахборот технологиялари;
математик моделлаштириш ва табиий фанлар. Муҳандислик мутахассисликлари талабалари учун замонавий таълим ва инглиз тилини ўқитиш.
Секция мажлисларида 85 та маъруза тингланди ва муҳокама қилинди.
Ялпи ва секция мажлисларидаги тақдимотлар натижаларига кўра, энг қизиқарли маърузалар муаллифи бўлган 27 нафар талаба 1, 2, 3 даражали диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.