Иннопром — 2023

Ўзбекистон олтин қазиб олишни йилига 150 тоннага етказмоқчи

Ўзбекистон олтин, уран ва кўмир қазиб олишни оширади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Ўзбекистон олтин қазиб олишни йилига 150 тоннага етказиш ниятида. Бу ҳақда тоғ-кон ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насриддинхўжаев маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Бугун Тошкентда ўтаётган “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси доирасида металлургия ва тоғ-кон саноати соҳасида халқаро ҳамкорликнинг долзарб вазифаларига бағишланган сессия бўлиб ўтди.
Унда Омонулло Насриддинхўжаев мамлакатда олтин, уран ва кўмир қазиб олиш истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон энг йирик олтин ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Ҳозирда мамлакат 105 тоннага яқин металл ишлаб чиқармоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон 2030 йилга бориб уран қазиб олиш ҳажмини икки баробарга, 3,6 минг тоннадан 7 минг тоннагача оширишни режалаштирмоқда.
Насрддинхўжаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бир неча йирик кўмир конлари мавжуд, бу эса йилига 5 миллион тоннага яқин ёқилғи ишлаб чиқариш имконини бермоқда.
“Биз ишлаб чиқариш ҳажмини 10 миллион тоннага етказишни, жумладан, мавжуд конларда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда янги конларни ишлаб чиқаришга жалб этишни режалаштирганмиз”, — деди у.