ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Россия минтақанинг барча давлатлари билан ҳамкорликни мутаносиб равишда кенгайтиришдан манфаатдор. Бу ҳақда Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
“ИННОПРОМ”нинг асосий сессиясида Ўзбекистон, Россия ва минтақанинг бошқа мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, тадбиркорлик бирлашмалари ва ишлаб чиқариш компаниялари раҳбарлари йиғилди.
Унда ҳукумат раиси ўринбосари, Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров сўзга чиқди.
У ўз нутқи давомида Россия минтақанинг барча давлатлари билан ҳамкорликни мутаносиб равишда кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
“ИННОПРОМни Тошкентда ўтказиш ғояси ёмон эмас эди. Бу ишларнинг самарасини кўриб турибмиз. Бу давлатларимиз ўртасидаги шериклик ва дўстона муносабатларнинг ўзига хос хусусиятини таъкидлайди”, - деди у.
Унинг қўшимча қилишича, Тошкентдаги “ИННОПРОМ” бутун Марказий Осиёда саноатни ривожлантириш масалаларини қамраб олади.
“Биз минтақанинг барча давлатлари билан ҳамкорликни мутаносиб равишда кенгайтиришдан манфаатдормиз”, — деди Мантуров.
Эслатиб ўтамиз, пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ”да “Иннопром” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазма бу йил нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун улкан сармоявий иқтисодий ва саноат истиқболлари кун тартибини очиб беради.
Кўргазмада иштирок этиш учун МДҲ давлатлари, Франция, Италия, Нидерландия, Ҳиндистон, Сингапур, Хитой, Япония, Арманистон, Қозоғистон, Туркия ва Туркманистондан 5 мингдан ортиқ делегатлар, шунингдек, 300 дан ортиқ хорижий компаниялар, бизнес вакиллари ва ҳукумат амалдорлари рўйхатдан ўтган.
Тадбирнинг асосий мақсадлари – соҳадаги энг илғор технологиялар ва ишланмаларни кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон саноат корхоналари ва бошқа мамлакатлар ўртасида алоқаларни йўлга қўйишдан иборат. Инвестицион битимлар ва савдо шартномаларининг мустаҳкам пакети имзоланиши кутилмоқда.