ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Россиянинг “Магнит” ритейлери 2023 йилда Ўзбекистондаги "MCosmetic" ("Магнит Косметик") дўконлари сонини 80 тага етказади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
“Магнит” ... 2023 йилда Ўзбекистонда "MCosmetic" дрогери дўконлари тармоғини 80 тага етказишни ҳамда мамлакат ҳудудларида фаолиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда”, — дейилади хабарда.
Аниқлик киритилишича, ҳозир Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида компания дўконлари бор. Республикада 20 та "MCosmetic" савдо нуқталари мавжуд.
Компания йил охиригача Фарғона, Самарқанд, Наманган, Марғилон каби шаҳарларда "Магнит" дўконларини очишни режалаштирмоқда.
"Магнит" биринчи "MCosmetic" дўконини Ўзбекистонда бир йил аввал – 2022 йил апрелида очган эди.
“Магнит Марказий Осиё” бош директори Денис Косаченконинг сўзларига кўра, компания ушбу бозорда ривожланиш учун катта имкониятларни кўрмоқда.
"MCosmetic" - ноозиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, косметика, парфюмерия, маиший кимё, гигиена воситалари, болалар, уй ва ҳайвонлар учун маҳсулотлар сотиладиган дўконлар.
"MCosmetic" дўконларининг ўртача сотув майдони тахминан 250 квадрат метрни ташкил этади, ассортиментга 7-8 минг дона товарлар киради, жумладан, таниқли ўзбек, рус ва жаҳон брендлари маҳсулотлари. "MCosmetic" ўз ассортиментига ҳалол маҳсулотларни ҳам киритган.