Шикастланган дарахт ҳақида хабар беришга мўлжалланган махсус бот ишга туширилди

Табиат ресурлари вазирлиги аҳолининг эътиборини дарахтларни асрашга ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган махсус ботни ишга туширди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Шикастланган дарахт ҳақида хабар беришга мўлжалланган махсус бот ишга туширилди. Бу ҳақда Табиат ресурлари вазирлиги хабар берди.
Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолининг эътиборини дарахтларни асрашга жалб қилиб, жамоатчилик назоратини кучайтиришдан иборат.

“Ўз ҳудудингизда дарахтларга зарар етказилаётганлигини кўрсангиз, @ecogovuz_bot орқали бу ҳақда хабар беринг. Унутманг! Экология учун барчамиз бирдек масъулмиз”, - дейилади хабарда.

Телеграм ботдан фойдаланиш тартиби:
мурожаатни қайси тилда юборишни танлайсиз;
исм-шарифингиз ҳамда алоқа учун телефон рақамингизни киритасиз;
мурожаат қилинаётган ҳудудни танлайсиз;
шикаст етказилган дарахтнинг жойлашувини (геолокацияси) юборасиз;
дарахтга етказилган зарар ҳақида маълумот ва ушбу ҳолат акс этган суратни юборасиз.
Бот орқали мурожаатнинг ўрганилиш ҳолати ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида бетон қоплама билан ўралган дарахтларни бетондан тозалаш бўйича экоакция бошланган эди. Акция доирасида Тошкентнинг барча туманларидаги бетонланган ва асфалтланган дарахтларнинг пойдевори очилади.