ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Тошкентда 28 апрель куни "Автомобилсиз кун" тадбири ўтказилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тадбир инсонлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилади. Шунингдек, атроф-муҳитда барқарорликни сақлаш, табиатга заҳарли газлар чиқишини имкон қадар камайтириш ҳам мақсад қилинган.
"28 апрель куни ҳам пойтахтимизнинг турли ҳудудларида "Автомобилсиз кун" тадбирлари ўтказилади", - дейилади хабарда.
Бу кун доирасида шахсий автомобилларда ҳаракатланишни камайтириш, аҳоли орасида жамоат транспортидан ва велосипеддан фойдаланишнинг ҳамда пиёда юришнинг афзалликлари тарғиб этилади.
Дунёда "Автомобилсиз кун" тадбири 1995 йилдан буён ўтказилади. Жаҳон узра оммалашганганига эса 23 йил бўлди.