Иннопром — 2023

Свердловск вилояти губернатори бошчилигидаги делегация Фарғонага келди

Бугун расмий учрашувлар доирасида Фарғона ва Свердловск вилоятлари раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувлари бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Россия Федерацияси Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев бошчилигидаги расмийлар ва тадбиркорлардан иборат делегация кеча Фарғонага келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бугун расмий учрашувлар доирасида Фарғона ва Свердловск вилоятлари раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувлари бўлиб ўтади. Фарғона вилояти ҳамда Свердловск вилояти ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича битим имзоланади.
Свердловск делегацияси аъзолари кеча ташриф дастурини “Ватанпарварлар боғи”да жойлашган Мотамсаро она ҳайкалини зиёрат қилиш билан бошлашди. Евгений Куйвашев Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Делегациянинг бошқа аъзолари ҳам ҳайкал пойига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтиришди.
Ураллик меҳмонлар Фарғона шаҳрида барпо этилаётган экошаҳар ҳудудида бўлиб, мажмуа қурилиш ишлари билан танишди. Массив ҳудудида ташкил этилган 70 гектарлик “Янги Ўзбекистон” боғида Евгений Куйвашев ва бошқа расмий меҳмонлар иштирокида кўчат экиш тадбири бўлиб ўтди.