ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Коронавирус ўпкада қандай асоратлар қолдирмоқда? Ушбу саволга Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева жавоб берди.
“Пандемия бошлангандан буён COVID-19 жуда кўп бор мутацияга учради. Аввалига коронавируснинг ўзи инсонлар ҳаётига катта хавф туғдирган бўлса, кейинроқ унинг оғир асоратлар келтириб чиқариши маълум бўлди. Шундан энг кенг тарқалгани — ўпка фибрози”, - дейди шифокор.
Таъкидланишича, коронавирусли пневмонияга чалинган беморларда тегишли муолажалардан сўнг ўпкада чандиқлар ҳосил бўлиб, бу, вақт ўтиши билан нафас олиш самарадорлиги пасайишига олиб келди.
Пандемиянинг илк йилларида СOVID-19 га чалинган беморларнинг тахминан 20-25 фоизида пневмония ривожланган бўлса, “дельта” штамми доминант версияга айлангач, бу кўрсаткич янада ортди. Энг ёмони, ўша йилларда ўлим кўрсаткичлари кескин кўпайди. Муолажа олиб, тўлиқ соғайганларда ҳам асоратлар қолди. Ўпкадаги яллиғланиш ўрнида чандиқлар пайдо бўлди.
Қайд этилишича, фиброз туфайли соғлом ўпка тўқималари ўз хусусиятини йўқотади. Оқибатда альвеолалар (ўпкадаги газ алмашинуви учун масъул пуфакчалар) кислородни ўзлаштира олмайди ва нафас олиш функцияси бузилади. Агар тегишли муолажалар амалга оширилмаса, ўпка фибрози аста-секин қатор асоратларни юзага келтиради.
Жумладан, бемор ҳансираш ва ҳаво етишмаслиги, сурункали йўталдан азият чекади. Ўпка, юрак етишмовчилиги пайдо бўлиши мумкин. Миянинг кислородга тўйинмаслиги эса руҳий ҳолат ва онг ўзгаришига олиб келади.
Кузатувларга кўра, “омикрон”нинг ВА.2 турида ҳам “дельта” штаммига хос хусусиятлар қисман намоён бўлди. Яъни, мазкур субвариант юқори нафас йўлларигагина эмас, балки инсоннинг нозик аъзоси — ўпкасига “зарба” берди.
ЖССТ томонидан бу йил COVID-19 пандемияси бекор қилиниши кутилмоқда. Аммо бу одамлар энди коронавирусга чалинмаслигини англатмайди. Фақат инфекцияни юқтириш кўрсаткичлари кескин камайиб, ўсиш динамикаси қайд этилмаcлиги мумкин. Шу боис, касалликнинг олдини олиш учун вирусга қарши тўлиқ босқичда ҳамда бустер дозада эмланиш лозим.