Индонезиянинг машҳур телеканали Ўзбекистон зиёрат туризми ҳақида кўрсатув намойиш этди

Кўрсатувда таъкидланишича, Ўзбекистон зиёрат туризм салоҳияти Туркия сайёҳлик соҳаси билан рақобатлаша олади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Индонезиянинг машҳур SCTV телеканали Ўзбекистон зиёрат туризми ҳақида кўрсатув намойиш этди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Кўрсатувда 2023 йил 26 апрелдан “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан очилаётган Тошкент-Жакарта-Тошкент авиарейси, Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳияти ва Индонезиялик саёҳатчилар учун 30 кунлик визасиз режими ҳақида маълумот берилган.
Кўрсатувда таъкидланишича, Ўзбекистон зиёрат туризм салоҳияти Туркия сайёҳлик соҳаси билан рақобатлаша олади ва индонезияликлар учун янги альтернатив ва такрорланмас йўналиш сифатида кўрилмоқда.
Surya Citra Televisi (SCTV) Индонезиянинг 240 та шаҳрида эфирга узатилади, телеаудитория сони 160 миллион нафарга етади.
26 апрелда Жакарта-Тошкент йўналишидаги биринчи авиарейс орқали SCTV мухбирлари Ўзбекистонга 7 кунга келиши ва Тошкент, Самарқанд ҳамда Бухоро каби қадимий шаҳарлар зиёрат туризм салоҳияти ҳақида телекўрсатувлар тайёрлаши режалаштирилган.