ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Кам сонли Ғарб миллатлари ўзини муносиб тутиши ва жаҳон ҳамжамиятининг бошқа аъзоларини ҳурмат қилиши керак, деди Лавров БМТ Хавфсизлик Кенгашининг самарали кўп томонламалик ва БМТ Низоми тамойилларини ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган йиғилишида сўзлаган нутқида.
“Келинг, очиқчасига айтайлик, ҳеч ким оз сонли Ғарб халқларига бутун инсоният номидан гапиришга рухсат бермаган. Ўзингизни муносиб тутинг ва халқаро ҳамжамиятнинг бошқа аъзоларини ҳам ҳурмат қилинг”, - деди Россия ТИВ раҳбари.
Лавровнинг айтишига кўра, Қўшма Штатлар кимнидир жазолаш учун узоқ йиллар давомида бутун инсоният фаровонлиги сифатида қабул қилинган глобаллашув ва дунё иқтисодий тизимини йўқ қилишга тайёр.
"Итоатсизларни жазолаш орқали ўз ҳукмронлигини таъминлашга уриниш йўлида Қўшма Штатлар кўп йиллар давомида жаҳон иқтисодиётининг кўп томонлама тизимига хизмат қилган, инсоният учун олий манфаати сифатида эътироф этилган глобаллашув тизимини йўқ қилди", - деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, кимда ким "олтин миллиард" сиёсатига қарши чиқса, Вашингтон ва Ғарб дарҳол аллақандай "қоидалар"га кўра халқаро ҳуқуқни поймол қилган ҳолда уларни жазолашга, турли "қора рўйхатларга" солишга уринишади.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ушбу мажлиси Россия раислигида ўтмоқда. Икки кун олдин АҚШнинг Москвадаги элчихонаси Россия журналистларига виза беришни кечиктириши оқибатида россиялик журналистлар ушбу муҳим халқаро тадбирга етиб бора олмаган эди.
Россия ташқи ишлар вазири АҚШнинг ушбу қилмишини кескин танқид қилиб, "буни жавобсиз қолдирмаслигини" айтган ва Ғарб журналистларидан "БМТда бўлиб ўтадиган тадбирларни имкон қадар кўп қиррали қилиб ёритишни" сўраган эди. Дарҳақиқат одатда БМТ Хавфсизлик Кенгашлари мажлислар залининг одатда бўш бўладиган юқори ярусида бугун одам гавжум. У ерда АҚШ, Италия, БМТ журналистларини кўриш мумкин.