ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўтказилган халқаро фестивалларда ўзбек миллий анъаналари ва қадриятлари намойиш этилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Ўзбекистон миллий павильонлари Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консуллиги кўмагида ўзбекистонлик талабалар томонидан тайёрланди.
Ўзбекистон стенди тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойлар, республиканинг замонавий ютуқлари тасвирланган фотосуратлар билан безатилди.
Кўргазмалар давомида талабалар ўзбек халқининг ўзига хос маданияти ва анъаналарини иштирокчилар эътиборига ҳавола қилдилар. Мазкур кўргазмалар хитойлик ва чет эллик талабаларни дунёнинг турли мамлакатларининг ўзига хос маданияти билан таништириш ҳамда дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Тадбирларда 2000 дан ортиқ киши қатнашди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон миллий анъаналари ва урф-одатларига бағишланган тақдимотлар университет профессор-ўқитувчилари ҳамда маҳаллий ва чет эллик талабаларда катта таассурот қолдирди.