ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. 22 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Бобур Усманов Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгиновни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқот чоғида томонлар олий даражада эришилган келишувлар ижроси жараёни, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш истиқболлари тўғрисида батафсил фикр алмашди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари яқин кунларда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро кўргазмаси мисолида кўриб чиқилди. Шунингдек, режалаштирилган икки томонлама тадбирлар жадвали муҳокама қилинди.
24-26 апрель кунлари Тошкентда “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмаси бўлиб ўтади. Тадбирда Россия, Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 300 дан ортиқ компания иштирок этади.