ОФК президенти Ўзбекистонда футбол ривожланаётганини айтди

Ўзбекистон президентининг футболни ривожлантиришга қаратилган қарори Ўзбекистонда ушбу спорт турини янада оммалаштиришга улкан туртки бўлиши қайд этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа бошчилигидаги ОФК делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Кеча Ўзбекистон футбол ассоциациясида ЎФA президенти Aбдусалом Aзизов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Aдҳам Икрамов, ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Ирматов, ЎФA вице-президенти Aзизбек Икромов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва ОФК делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ОФК ҳамда ЎФA ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон президентининг футболни ривожлантиришга қаратилган қарори Ўзбекистонда ушбу спорт турини янада оммалаштиришга улкан туртки бўлиши қайд этилди.
“ОФК билан ҳамкорлигимиз янги босқичга чиқаётганидан мамнунмиз”, — деди ЎФA президенти.
Ўз навбатида Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа Ўзбекистон ОФК учун минтақадаги энг яқин ҳамкор эканлигини эътироф этди.
“Ўзбекистонни минтақада салоҳияти ва имкониятлари юқори бўлган ишончли ҳамкор сифатида биламиз. Давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлаши натижасида юртингизда футбол ўсиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳаётга татбиқ этаётган режаларингиз ўз самарасини бераётганини ёшларингиз чемпион бўлганидан ҳам билиб олиш мумкин”, — деди ОФК раҳбари.
Учрашув давомида келгуси йилларда бир нечта Осиё мусобақалари ва тадбирларини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенг қамровда давом эттиришга келишиб олишди.