Иккинчи жаҳон уруши пайтида АҚШ томонидан чўктирилган Montevideo Maru кемаси топилди

Австралия бош вазири Энтони Альбанезе: ниҳоят, 81 йил олдин чўкиб кетган Montevideo Maru кемасининг қолдиқлари топилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Америка сув ости кемаси томонидан чўктирилган Япониянинг Montevideo Maru кемаси Жанубий Хитой денгизида топилди. Бу ҳақда Австралия бош вазири Энтони Альбанезе маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости.
Вазирнинг сўзларига кўра, ниҳоят, 81 йил олдин чўкиб кетган Montevideo Maru кемасининг қолдиқлари топилди.

“Кема бортида бўлган 1060 асирнинг 850 нафари австралиялик ҳарбий хизматчилар эди. Умид қиламизки, вайроналар топилгани ҳақидаги хабар уларнинг яқинларига таскин беради”, деди у.

Montevideo Maru кемаси 1942 йил 1 июлда австралиялик маҳбусларни Папуа-Янги Гвинеядан Хитойнинг Хайнань оролига олиб кетилаётганида АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан чўктириб юборилган. Ушбу фожиа Австралия тарихидаги энг йирик денгиз ҳалокати ҳисобланади.