Макрон рейтинги рекорд даражада тушиб кетди

Тадқиқот махсус RTL радиостанцияси учун ўтказилган. Унда 18 ёшдан юқори бўлган 1002 нафар француз қатнашган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Франция президенти Эммануэл Макроннинг рейтинги мамлакатда ўтказилган пенсия ислоҳоти туфайли рекорд даражадаги паст кўрсаткичга тушиб кетди, фақат 26 фоиз французлар давлат раҳбарини қўллаб-қувватлайди. Бу BVA маркази тадқиқоти натижаларидан маълум бўлди, дея ёзади РИА Новости.

“Президент рейтинги 2017 йилдан буёнги энг паст даражада, 26 фоиз унга яхши муносабатда”, - дейилади BVA сайтидаги ҳужжатда.

Тадқиқотда таъкидланишича, Макроннинг машҳурлиги охирги марта 2018 йил октябрида “сариқ нимчалилар” инқирози пайтида худди шу даражагача тушиб кетганди.
Яна 32 фоиз Франция аҳолиси президентга “яхшидан кўра ёмонроқ”, яна 41 фоизи эса “жуда ёмон” муносабатда.
Атиги 36 фоиз французлар Макрон аввалгидек ўз обрўсини сақлаб қолмоқда деб ҳисоблайди. Шу билан бирга аксарият аҳоли (84 фоиз) Франция етакчиси тобора “одамлардан узоқлашмоқда” деб ҳисоблайди.
Аммо шу билан бирга тадқиқот сайлов базаси унга содиқ қолаётганини кўрсатган, ва 2022 йилги президент сайловининг биринчи босқичида амалдаги давлат раҳбарига овоз берганларнинг 70 фоизи аввалгидек Макронни қўллайди.
Қолаверса, тадқиқот 63 фоиз французлар пенсия ёши оширилиши билан боғлиқ норозилик намойиши давом этишини хоҳлашини кўрсатган. Мамлакат аҳолисининг 45 фоизи ҳукумат хатти-ҳаракатидан ғазабда, яна 38 фоизи хавотир билдирган.
Тадқиқот махсус RTL радиостанцияси учун 18 апрелдан 19 апрелгача ўтказилган. Унда 18 ёшдан юқори бўлган 1002 нафар француз қатнашган.
Франция Конституциявий кенгаши 14 апрель куни 2030 йилга келиб пенсия ёшини мамлакатда 62 ёшдан 64 ёшга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Уни Макрон имзолади ва расмий журналда чоп қилинди. Бу мамлакатда норозиликлар авж олишига сабаб бўлди.