ТОШКЕНТ, 21 апр – Sputnik. Дунёдаги энг қадимий Қуръон китоблардан бири - Усмон Мусҳафи Тошкентда сақланади. Қўлёзма бир минг уч юз йил олдин ёзилган.
Ушбу ноёб китоб ким томонидан яратилгани ҳақида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фахрий уламолар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур сўзлаб берди.
"Халифа Ҳазрати Усмон даврида Қуръонни ёддан биладиган қорилар камайиб бораётганини кўриб уни кейинги авлодларга ким етказади деган хавотир пайдо бўлади. Шу сабабли улар Қуръонни мусҳаф, яъни китоб шаклида кўчириб ёзишга қара қилишади ва бу ишни ўша замоннинг энг зўр хаттотларига топшгиришади”, - деб ҳикоя қилади шайх.
Муқаддас китобнинг тарихи ҳали ҳам сирларга тўла. Шайх ҳазратлари қўлёзманинг кўп асрлар ўтиб сақланиб қолганлиги сирини очиб берди. Унинг сўзларига кўра, қўлёзма кийик терисига ёзилган, бошқа ҳайвонлар териси вақт ўтиши билан ўзгариб яроқсиз ҳолга келиб қолар экан.
Қўлёзманинг Ўзбекистонга қандай келгани ҳақида ҳам бир бир қанча ривоятлар мавжуд. Улардан бирига кўра, қўлёзмани Амир Темур олиб келган. Бошқа версияга кўра - Муҳаддис Каффол Шоший етказган. Айни дамда ушбу нодир китоб Тошкентдаги “Мўйи Муборак” мадрасасида сақланмоқда ва уни ҳамма кўриши мумкин.