Тошкентда дарахтларни бетондан тозалаш бўйича экоакция бошланди

Экоакция мавжуд дарахтларни бетон ва асфалт қопламасидан, пластик ёриткичлардан ва реклама баннерларидан озод қилишга қаратилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Тошкент шаҳрида бетон қоплама билан ўралган дарахтларни бетондан тозалаш бўйича экоакция бошланди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги хабар берди.
Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан “Дарахтларни асрайлик” экоакцияси бошланди.
Акция доирасида Тошкентнинг барча туманларидаги бетонланган ва асфалтланган дарахтларнинг пойдевори очилади.
Дарахтлардаги реклама баннерлари ва ёруғлик берувчи пластик буюмлар ҳам олиб ташланади.
"Бугун шаҳримизда кўплаб дарахтларнинг бетон ёки сунъий қопламалар билан ўралганлигини кўриш мумкин. Бу дарахтларнинг илдизларига ҳаво киришини камайтиради, нобуд бўлиш хавфини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, тунги ёруғлик мосламаларини ўрнатиш орқали дарахтларга зарар етказиш ҳолатлари ҳам учраб турибди, бу уларнинг табиий ривожланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда”, – деди Абдуҳакимов.
Экоакция мавжуд дарахтларни бетон ва асфалт қопламасидан, пластик ёриткичлардан (гуллар, лампочкалар) ва реклама баннерларидан озод қилишга қаратилган.
Қайд этилишича, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан аҳолидан мурожаатлар йиғилган. Энди дарахтларнинг табиий ўсиши жараёнига халақит бераётган муаммолар ободонлаштириш бўлимлари ва фаоллар билан биргаликда бартараф этилади.
Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси инспекторлари томонидан 11 та йирик йўл четида мониторинг ишлари олиб борилганда 250 турдаги манзарали ва мевали дарахтларнинг пойдевори бетонланганлиги аниқланган.

"Экоакция доирасида барча ҳолатлар бартараф қилинади. Бу акция Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида давом этади", - дейилади хабарда.

Дарахтларни муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида @ecogovuz_bot телеграм боти ишга туширилди. У орқали аҳоли дарахтларга зарар етказилганлиги тўғрисида электрон шаклда ариза юбориши мумкин.