Венгрия Украинадан дон, гўшт ва сабзавотлар импортини тақиқлади

Украина маҳсулотларининг назоратсиз ва божсиз кириб келиши натижасида венгриялик фермерлар даромадининг 3/1 қисмини йўқотган. Айрим ҳолларда Украина маҳсулотларининг хавфсизлиги ҳам шубҳа уйғотмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Венгрия Украинадан олиб кириш тақиқланган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтирди. РИА Новости хабарига асосан.
"Тақиқланган озиқ-овқатлар рўйхатига қорамол гўшти, чўчқа гўшти, эчки ва қўй гўшти, парранда гўшти, тухум, асал, янги ва консерваланган сабзавотлар, қамиш ва лавлаги шакари, турли хил дон маҳсулотлари, унлар, нон ва нон маҳсулотлари, вино ва янги узум киритилди", - дейилади хабарда.
Ушбу тақиқнинг амал қилиш муддати 2023 йил 1 июлда тугаши қайд этилган. Лекин Венгрия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги котиби Шандор Фаркаш ЕИ Венгрия аграр секторини ҳимоя қилишга доир қарор қабул қилмаган тақдирда, унинг ҳукумати Украинадан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олиб кириш муддатини узайтириши мумкинлигини хабар қилган эди.
Венгрия қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, ушбу давлат фермерлари Украина маҳсулоти туфайли ўз даромадининг 3/1 қисмини йўқотган. Иккинчидан, Украинадан олиб келинган маккажўхори таркибида микотоксинлар билан заҳарланиш ҳолатларини аниқлаган ва бир нечта намуналар ГМО тестида ижобий натижа кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Польша ва Венгрия Украинадан бир қатор ўсимлик ва ҳайвонот маҳсулотлари импортини тақиқлашини эълон қилган эди. Сабаб Украинага ёрдам сиёсати доирасида ушбу давлатлар олиб келинаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари барча солиқлардан озод қилингани. Натижада Европанинг Украинага чегарадош бўлган давлатлари қишлоқ хўжалик сектори кучли рақобатга дуч келмоқда. ЕИ эса ушбу давлат ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш чораларини кўрмаяпти. Бир неча кун олдин Руминия, Польша ва яна бир неча давлатларда фермерлар норозилик намойишлари уюштиришган эди.
Март ойи охирида Польша, Венгрия, Руминия, Болгария ва Словакия бош вазирлари Украинадан ғалла оқими туфайли юзага келган инқирозга аралашиш илтимоси билан Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйенга мурожаат қилган эди.