Сирдарёда “Ёшлар форуми” ўтказилади

Форум дастуридан Ширин шаҳрида “Ёшлар маркази”нинг тантанали очилиш маросими ўрин олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида 20 апрель куни “Ёшлар форуми” бўлиб ўтади. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Мазкур форумда шаҳар марказида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва филиаллари ёшлари, Энергетика соҳаси фахрийлари иштирокида хайрия марафони ўтказилади.

“Сирдарё вилоятида энергетика соҳасига қизиқувчи ёшлар учун “Ёшлар форуми” ташкил этилмоқда. Унда биз Ширин шаҳри марказидаги “Ёшлар маркази”нинг тантанали очилиши маросимини ўтказамиз. Ушбу марказ соҳадаги барча интилувчан ёшларни бир нуқтага бирлаштириб, уларнинг маҳоратларини ошириш, келгусида керакли йўналишларда мутахассис бўлиб етишишлари учун ташкил этилган”, - деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов.

Форум доирасида Сирдарё ИЭС ва ACWA POWER станцияларига махсус пресс-тур уюштирилади. Унда вилоят энергетика соҳасидаги ютуқлар, амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар ҳақида маълумотлар тақдим этилади.
Шунингдек, белгиланган майдонларда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида дарахтлар экиш акцияси ташкил этилади. Тадбирларда ёқилғи-энергетика тармоғида фаолият юритаётган 400 дан ортиқ ёшлар иштирок этиши кутилмоқда.
Кечки дастурда ёшлар учун таниқли эстрада ва кино юлдузлари иштирокида гала-концерт тақдим этилади.