ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Шарқий Европа давлатлари Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб киришни аста-секин тақиқламоқда, бу уларнинг Киев билан муносабатлари совуқлашганидан далолат беради, деб ёзади “Newsweek”.
“Украина ва бошқа Шарқий Европа давлатлари ўртасидаги келишмовчилик Украинадаги можаро фонида Европа иттифоқчилари ўртасида бўлинишдан дарак беради”, - дейилади хабарда.
Мақола муаллифининг эслатишича, Украина маҳсулотларининг пайдо бўлиши маҳаллий фермерларнинг товарлари нархининг пасайишига олиб келди.
Март ойида Болгария, Венгрия, Польша, Руминия ва Словакия бош вазирлари Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйенга Украинадан импортга вақтинчалик тўхтатилган тарифларни қайта жорий этилиши кераклиги ҳақида мактуб йўллагани маълум бўлди.
Бу ҳақда Польша бош вазири Матеуш Моравецкий шундай деб ёзди: “Украинани қўллаб-қувватлаймиз, лекин буни оқилона қилайлик ва энг аввало, мамлакат ва польшалик фермерлар манфаатларини биринчи ўринга қўяйлик!”.
Киев Варшаванинг позициясини қоралаб, ҳозир энг қийини украиналик фермерлар учун эканини, турли масалаларни бир томонлама ҳал қилиш вазиятни ижобий ҳал қилишни тезлаштирмаслигига ишора қилди.