Россия термаси Марказий Осиё футбол ассоциацияси чемпионатида қатнашмаслигини маълум қилди

Россия терма жамоаси илк бор ташкил этилаётган CAFA мусобақасида иштирок этишдан бош тортди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Футбол бўйича Россия терма жамоаси Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) чемпионатида қатнашмайди. Бу ҳақда Россия футбол иттифоқи бош котиби Максим Митрофанов маълум қилди.
“Биз кеча CAFA га расмий мактуб йўлладик, ҳамкасбларимизни хабардор қилдик. Бизнинг қатор ташкилий қийинчиликларимиз бор, биз, афсуски, бош тортишга мажбур бўлдик”, - деди Митрофанов журналистларга.
Унинг сўзларига кўра, бу борасида қатор саволлар, хусусан, футболчилар елкасига тушадиган катта юклама билан боғлиқ савол бўлган.
Аввалроқ Тожикистон футбол федерацияси РИА Новостига Россия терма жамоаси CAFA турнирида иштирок этишини тасдиқлагани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ Россия футбол иттифоқи терма жамоанинг иштирок этиш имконияти ва шартлари ҳозирча муҳокама қилинаётганини маълум қилди. Россия футбол иттифоқи президенти Александр Дюков якуний қарор апрель ойида қабул қилиниши айтган эди.
Марказий Осиё футбол ассоциацияси 2014 йилда ташкил этилган. Унинг таркибига Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон футбол федерациялари киради. 9-21 июнь кунлари Бишкек ва Тошкент шаҳарларида тарихда илк бор CAFA чемпионати ўтказилиши режалаштирилган.