Референдум — 2023

Ўзбекистон Конституцияси қандай ўзгармоқда?

Ўзбекистоннинг Асосий қонуни қандай ўзгармоқда ? Таклиф этилаётган асосий ўзгаришлар ва қўшимчалар - Sputnik материалида ўқинг.
Sputnik
Ўзбекистон Конституцияси 65 фоизга янгиланмоқда. Моддалар сони 128 тадан 155 тага кўпаймоқда. Парламентнинг назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларини лавозимга қўйиш борасидаги функциялари кучайтирилмоқда ҳамда президентнинг айрим ваколатлари парламентга ўтказилмоқда.
Sputnik республиканинг Асосий қонунига киритиладиган қўшимчалар ва ўзгаришлар ҳақида маълумот тайёрлади.

Олий Мажлис

Ҳозир

Олий Мажлис Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — 6 кишидан сайланади.
Олий Мажлис Сенатининг 16 нафар аъзоси президент томонидан тайинланади.

Таклиф этилмоқда

Олий Мажлис Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – 4 кишидан сайланади.
Олий Мажлис Сенатининг 9 нафар аъзоси президент томонидан тайинланади.
Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.
Айни бир шахс сурункасига 2 муддатдан ортиқ Қонунчилик палатасининг спикери бўлиши мумкин эмас.
Айни бир шахс сурункасига 2 муддатдан ортиқ Сенатнинг раиси бўлиши мумкин эмас.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги янги ваколатлари

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш.
Парламент текширувини ўтказиш.
Давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш.
Давлат органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш ва парламент назоратининг бошқа шаклларини амалга ошириш.

Олий Мажлис Сенатининг мутлақ янги ваколатлари

Республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбарини ва республика монополияга қарши органининг раҳбарини сайлаш.
Президентининг вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш.
Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш.
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш.
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорларини, улар қонунчилик нормаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, бекор қилиш.
Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш, бундан Конституция ва конституциявий қонунлар мустасно.
Олий Мажлиснинг Сенати ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкин.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ янги ваколатлари

Президентнинг тақдимига биноан бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш.
Бош вазир ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш.
Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш.
Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкин.

Президент

Ҳозир

Ўзбекистон президенти 5 йил муддатга сайланади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан тузади ва тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталаритасдиғига киритади

Таклиф этилмоқда

Ўзбекистон президенти 7 йил муддатга сайланади.
Вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузади ҳамда тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Олий Мажлиснинг Сенати тасдиғига киритади

Президентнинг янги ваколатлари

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини тузади ва унга бошчилик қилади.
Президент Администрациясини, Президент ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органларини ва бошқа органларни шакллантиради.

Вазирлар Маҳкамаси

Янги ваколатлар

Барқарор иқтисодий ўсишни, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қулай инвестициявий муҳитни яратиш, ҳудудларни комплекс ва барқарор ривожлантириш бўйича чоралар кўради.
Аҳолини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди.
Ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш бўйича чоралар кўради.
Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларнинг иштирок этишини таъминлайди.
Фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Ҳозир

Бош вазир номзоди Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.
Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда президент бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Олий Мажлисни тарқатиб юборади.

Таклиф этилмоқда

Бош вазир номзоди президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.
Бош вазир номзоди 1 ой ичида тақдим этилади.
Бош вазир лавозимига номзод 3 марта рад этилган тақдирда, президент бош вазирни тайинлайди ва Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли.
Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг ҳисоботини эшитиш якунларига кўра Қонунчилик палатаси уни истеъфога чиқариш тўғрисидаги таклифни президентга кўриб чиқиш учун киритишга ҳақли.
Депутат ва сенаторларнинг сўровларига қонунда белгиланган тартибда жавоб бериши шарт.

Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

Таклиф этилмоқда

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳарнинг ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас.

Сайлов тизими

Ҳозир

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди.

Таклиф этилмоқда

Сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида амалга оширилади.
Президент муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловини тайинлашга ҳақли.
Айни бир шахс сурункасига 2 муддатдан ортиқ МСК раиси этиб сайланиши мумкин эмас.

Суд ҳокимияти

Таклиф этилмоқда

Конституциявий суд судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йиллик муддатга сайланади.
Конституциявий суд ўз таркибидан Конституциявий суднинг раисини ва унинг ўринбосарини 5 йиллик муддатга сайлайди.

Адвокатура

Таклиф этилмоқда

Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади.
Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.
Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.
Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.
Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади.

Прокуратура

Таклиф этилмоқда

Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Бош прокурори лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

Оммавий ахборот воситалари

Таклиф этилмоқда

Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
ОАВ ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.
ОАВнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.