ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ўртасида госпиталь педагогикани ривожлантириш бўйича шартнома имзоланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда Россиянинг “УчимЗнаем” мактаби директори, госпиталь мактаблар лойиҳаси ташкилотчиси ва раҳбари Сергей Шариков иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир "Меҳрли мактаб” Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ўтказилиб, унда Ўзбекистон ва Россия томонларидан масъул ходимлар иштирок этди.
Учрашувда вазирлик ҳамда “УчимЗнаем” госпиталь мактаби томонидан “Узоқ муддатли даволанаётган болалар учун таълим муҳитини яратиш” бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
“Икки томонлама ҳамкорликда имзоланган шартнома мактаб тарбияланувчиларининг марказда даволаниши, сифатли ва қулай таълим олишга кўмак беради”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, ҳозирда "Меҳрли мактаб" давлат таълим муассасасида 81 нафар мактабгача ёшдаги болалар ва 71 нафар мактаб ёшидаги ўқувчилар мавжуд. Бу ерда ўқув жараёнини ташкил этиш учун алоҳида ўқув режа тасдиқланган бўлиб, дарс машғулотлари ўзбек ва рус тилларида, 12 та фандан олиб борилади.
Келгусида Қорақалпоғистон республикаси, Андижон ва Фарғонада ҳам шу каби госпиталь мактаблар очилиши режалаштирилган.