ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йил 1 октябрдан давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида махсус техник қурилмалар ёрдамида хизмат кўрсатувчи ходимни жойига чиққан ҳолда кўрсатиш имконияти яратилади. Адлия вазирлиги буни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳага кўра, ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш учун Call-марказ, расмий веб-сайт ва телеграм-ботга мурожаат қилади.
Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 баравари, вилоят марказларида БҲМнинг 50 фоизи, туманларда БҲМнинг 40 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.
Бундан давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгиловчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тўловлар мустасно.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишни ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади ва тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.
Бу тартиб эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги гувоҳномасига алмаштириш, Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Шунингдек, бу хизмат жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини беришда кўрсатилмайди.