ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Бош прокуратура Сурхондарё вилояти Узун туманида мактаб ўқитувчилари дўппослангани акс этган видеоёзувдаги ҳолатни ўрганди. Бу ҳақда идора матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Аниқланишича, 14 апрель куни соат 12:00 ларда тумандаги 31-сонли ўрта таълим мактабининг директор хонасида ўтказилаётган йиғилишда 34 ёшли эркак (ўқитувчи) икки нафар аёл ўқитувчилар билан жанжаллашиб, уларга тан жароҳати етказган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг маълум қилишича, аёл ўқитувчилар ҳозир шифохонада. Вазир уларнинг ҳолатини ўз назоратига олган.
Мазкур ҳолат юзасидан 18 апрель куни Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.