Нуриддин Исмоилов Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчисини қабул қилди

Мулоқот якунида томонлар ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга келишиб олдилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. 17 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзодани қабул қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтида маълум қилинди.
Учрашувда сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабатлари ва қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон-Тожикистон қардошлик ришталари ривожида ютуқларга эришилгани, икки томонлама алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани алоҳида таъкидланди.
Тожикистон элчисига айни кунларда Ўзбекистон халқи ва мамлакати бевосита демократиянинг муҳим институти бўлмиш умумхалқ референдумига юқори даражада тайёргарлик кўраётгани юзасидан маълумот берилди.
Абдужаббор Раҳмонзода мазкур жараёнларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ва очиқ ёритиб борилаётганлигига эътибор қаратди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлараро дўстлик гуруҳлари икки томонлама савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада жадаллаштиришга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш, хусусан делегациялар алмашуви, ўзаро тадбирларда қатнашиш ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан очиқ мулоқот олиб бориш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот якунида томонлар ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга келишиб олдилар.