ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мурод Хидир кеча, 17 апрель куни, 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар берди.
Мурод Хидир 1939 йилда Қашқадарё вилояти Китоб тумани Олақўйлиқ қишлоғида туғилган. 1962 йилда Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. У “Қашқадарё ҳақиқати” ва “Келажак тонги” газеталаридаги публицистик мақолалари билан элга танилган. “Гулистон”, “Шарқ юлдузи” ва “Санъат” журналларида ҳам фаолият юритган.
“Сирли олам” журнали, “Қалб кўзгуси” ва “Соҳибқирон юлдузи” газеталарида бош муҳаррирлик вазифасини бажарган. Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида турли лавозимларда ишлаган.
Мурод Хидир “Қирғоқлар”, “Aму соҳиллар бўйлаб”, “Кўзача ва бўтача”, “Тошкўл”, “Кийикча ва бўйноқ”, “Ҳарф ўйини” каби китоблар муаллифи саналади.